Устав НТО РЭС 2017 год

 

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги томонидан

2017 йил  “__________

______-сон билан

қайта рўйхатга олинган

 

Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти Конференциясининг

2016 йил “8” ноябрдаги

мажлис баёни билан

“Тасдиқланган”

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РАДИОТЕХНИКА, ЭЛЕКТРОНИКА ВА АЛОҚА ИЛМИЙ-ТЕХНИКА ЖАМИЯТИ

 

УСТАВИ

 

(янги таҳрирда)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент – 2017



ЎЗБЕКИСТОН РАДИОТЕХНИКА, ЭЛЕКТРОНИКА ВА АЛОҚА ИЛМИЙ-ТЕХНИКА ЖАМИЯТИ

УСТАВИ

 

I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР.

 

1.1. Ўзбекистон радотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти (бундан кейин матнда – Жамият деб юритилади) алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги илмий ютуқларни ушбу соҳа мутахассислари фаолиятига татбиқ этиш йўли билан радиотехника, электроника ва алоқа соҳасини ривожлантириш ҳамда ўз аъзоларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат, нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмасидир.

1.2. Жамият ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Нодавлат, нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур устав асосида амалга оширади.

1.3. Жамият ўз фаолиятини ошкоралик, қонунийлик, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик, ўзини-ўзи бошқариш тамойиллари асосида юритади.

1.4. Жамият Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг юридик шахс ҳисобланади.

1.5. Ўз фаолияти мақсадларига эришиш учун Жамият бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиши, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда судда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этиши мумкин.

1.6. Жамият ўз номига, муҳр ва штампларига ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган  рамзига, тегишли банкда ўз ҳисоб рақамларига ҳамда бошқа ўз фаолиятига зарур бўлган атрибутика ва реквизитларга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

1.7. Жамият ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

1.8. Жамият белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ўзининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар белгиланган тартибда тегишли адлия органларида давлат рўйхатидан ёки ҳисобидан ўтгандан сўнг уларнинг фаолияти қонуний ҳисобланади. Шунингдек, улар юқорида номлари қайд этилган қонунлар ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Жамиятнинг раҳбар органлари томонидан қабул қилинган қарорлар, ўз низомлар ҳамда мазкур устав асосида фаолият кўрсатадилар.

1.9. Жамиятнинг фаолияти номуайян муддатга тузилган.

1.10. Жамият ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бўлган барча мол-мулки билан жавоб беради. Давлат, давлат органлари, корхоналари ва муассасалари, таъсисчилари ва иштирокчилари Жамиятнинг мажбуриятлари ва қарзлари юзасидан жавоб бермайдилар. Худди шунингдек, жамият давлат, давлат органлари ҳамда корхона ва муассасалар, шунингдек таъсисчилари ва иштирокчиларининг қарзлари ва мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.

1.11. Жамиятнинг тўлиқ номи:

Ўзбек тилида: Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти.

Рус тилида: Научно-техническое общество радиотехники, электроники и связи Узбекистана.

Инглиз тилида: Radiotechnics, electronics and communication scientific-technical society of Uzbekistan

1.12. Жамият раҳбар органи жойлашиш манзили (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, 100011. Тошкент шаҳри, Боғишамол кўчаси, 7а-уй.

1.13. Жамият раҳбар органи жойлашган манзили (почта манзили) ўзгарган тақдирда, бу ҳақида уни рўйхатдан ўтказган органга хабар беради.

 

 

II. ЖАМИЯТНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

 

2.1. Жамият фаолиятининг асосий мақсадлари қуйидагилар:

 – алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасига замонавий, илғор ва инновацион технологияларни жорий этишга кўмаклашиш, соҳа мутахассислари илмий изланишлар ва рационализаторлик фаолиятига тарғиб этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бирлаштириш ҳамда илмий ва амалий фаолиятларига ёрдам бериш;

-  Ўзбекистонда илғор техник ва иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш ва кўмаклашиш;

-  Ўзбекистонда алоқа корхоналарини техник қайта қуроллантириш, қайта қуриш ва модернизациялаш муаммоларини ҳал этишда Жамият ижодий профессионал аъзоларининг кучларини бирлаштириш ва ҳаракатларини мувофиқлаштириш;

- радиотехника, электроника ва алоқа соҳасида олимлар, муҳандислар ва мутахассислар ижодий салоҳиятини ошириш, улар меҳнатининг аҳамиятини ва нуфузини ошириш, жамоат томонидан эътироф қилиниши учун зарур шароитлар яратиш;

- илмий фаолият соҳасида интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида олимлар ва муҳандисларнинг илғор қисмини бирлаштириш илмий-техник тараққиёт тезлашувига кўмаклашиш;

- радиотехника, электроника ва алоқа соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга кўмаклашиш;

 

 - жамиятимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кўмаклашиш, ижтимоий ва иқтисодий  характердаги йўналишларни ривожланишига хисса қўшиш.

2.2. Жамият ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун қуйидаги  вазифаларни амалга оширади:

- кадрлар малакасини, профессионал даражасини ошириш, тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашга кўмаклашиш;

- фан ва техника ютуқларини, илғор тажрибаларини тарғиб қилиш;

- истиқболли фикр ва таклифларни техник иқтисодий асослаш йўлларини қидириш;

- Жамият аъзоларининг ижтимоий ҳамда интеллектуал ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- чет эл илмий-техник жамиятлари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

- халқаро алмашувларнинг қабул қилинган шаклларидан фойдаланиш, шу жумладан аъзоларнинг Жамият маблағи ҳисобидан чет эл сафарига чиқиш ва хорижий мутахассисларни қабул қилиш;

- турли давлат ва жамоат органларида жамият аъзолари манфаатлари бўйича иш юритиш;

- Жамият аъзоларини мазкур Устав доирасида тегишли ахборотлардан  малакали тарзда хабардор қилиш, ёшларга илғор тажриба билимларини олишга интилишда кўмаклашиш;

- соҳада ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантиришда кўмаклашиш;

- ўхшаш жамиятлар билан ўзаро манфаатдорлик асосида республикалараро алоқани ривожлантиришда кўмаклашиш;

-  соҳада илғор технологияларни ривожлантириш ва жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг илмий-техник кенгашини ташкиллаштириш ва фаол иштирок этиш.

- жамиятимизда турли йўналишдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда иштирок этиш,  аҳоли, ижтимоий объектлар ва бошқа инфратузилмаларни илмий ва моддий-техник салоҳияти ривожланишига ёрдамлашиш ва уларга хомийлик қилиш,  бу мақсадлар учун хомийлик маблағларини кенг жалб қилиш;

2.3. Ушбу вазифаларни амалга ошира бориб, Жамият хужжатларида билан белгиланган тартибда:

- радиотехника, электроника ва алоқанинг долзарб муаммолари бўйича истиқболли илмий-техник ишланмалар ташаббускори бўлади, эксперт ва илмий-техник кенгашлар тузади, жамоат экспертизасини ўтказади;

- турли илмий, илмий-техник ва ўқув тадбирларини (симпозиумлар, конференциялар, кўриклар, семинарлар, танлов-конкурслар ва бош.) ўтказади;

- Жамият аъзоларини, олимлар, мутахассисларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашни амалга ошириш мақсадида қўшимча пенсия таъминоти, суғурта, хайрия мақсадларида махсус фондлар яратади;

- узлуксиз таълимни ташкиллаштиришда, илғор тажриба мактабини олиб боришда, илмий хизмат сафарларини, ишлаб чиқариш экскурсияларини ташкиллаштиришда кўмаклашади;

- белгиланган тартибда ахборот хизмат кўрсатишни амалга оширади, ўқув қўлланмалар, монографиялар, илмий ишлар, брошюралар, плакатлар, конференциялар, семинарлар маърузалари тўпламларини, журналлар нашр қилади;

- Халқаро ташкилотларда халқаро, илмий тажрибани (илмий хизмат сафарлари) ривожлантиришда қатнашади, ушбу уставда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатади;

- Жамиятнинг олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг талабларига ва ўқувчиларига бериладиган стипендиясини тасдиқлайди;

- қонунлар, қарорлар, стандартларни муҳокама қилишда таклифлар, республика илмий-техник тараққиёти соҳасида турли хил таклиф ва тавсиялар беради;

- белгиланган тартибда жамоат экспертизасини амалга оширади, илмий-техник ҳужжатлар, ўқув қўлланмалар ва китоблар, шунингдек бажарилган ишларни баҳолаш билан чиқади;

- олий ўқув юртларига ишлаб чиқаришдаги мутахассислардан бўлган кадрларни тайёрлашда ва қайта тайёрлашда, талабалар ишлаб чиқариш ўқувини уюштиришда, диплом лойиҳалари ва ишлари мавзуларини белгилашда ёрдам беради, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиш учун зарур шароитлар яратилишига, ёш мутахассислардан фойдаланишни яхшилашга ва улар меҳнатини оқилона ташкил қилишга кўмаклашади;

- қонунчиликда белгиланган тартибда хомийлик маблағларини жалб қилади, шунингдек, ўзи ҳам хомийлик қилади (хомийлик маблағлари мақсадли сарфланиши хомий билан тузилган шартнома мақсади ёки хомийнинг келишуви асосида амалга оширилади); 

- Ўзбекистон Республикаси қонунчилик билан тақиқланмаган, Жамият мақсад ва вазифаларига жавоб берувчи бошқа фаолиятни амалга оширади.

 

 

III. ЖАМИЯТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

3.1. Жамият белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- ўз қатнашчилари ва аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

- ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

- давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

- ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ва тегишли лицензия асосида матбаа ва ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

- қонунда белгиланган тартибда ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;

- ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар ўтказиш ва бошқа тадбирлар уюштириш;

- қонун ҳужжатларига ва ўз уставига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳарларда ўзнинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ва улар фаолиятини таъминлаш.

- қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

- илмий-техникавий, экологик (қайта тикланувчи ресурсларни жорий этиш) ва ижтимоий-иқтисодий дастурларни, буюк олимлар ва ихтирочилар ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганишни ташкил этиш ва илмий изланишларда қатнашиш;

- қонунда белгиланган тартибда буюк олимларнинг асарлари асосида илмий ва рационализаторлик фаолиятини тарғибот этиш, китоблар, брошюралар, рисолалар, журналлар, аудио кассеталар, компакт дисклар чиқариш, телевидение ва радиоэшиттиришда доимий дастурларни яратиш;

- чет эллик олимлар билан алоқа боғлаш, халқаро конференция, симпозиум,  конгресслар ўтказиш;

- халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, тўғридан-тўғри халқаро алоқаларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорлик бўйича келишувлар тузиш;

- хорижий давлатлардан мутахассисларни таклиф этиш;

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар, йиғимлар хамда бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга бошқа тўловлар тўлашда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш;

- мазкур уставда белгиланган, шунингдек   қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа мақсад ва йўналишлар учун (ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолига моддий ёрдам бериш, ижтимоий соҳа объектларини моддий-техника ва базасини ривожлантириш, кенг омма иштирокида амалга ошириладиган маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа йўналишдаги тадбирлар) белгиланган тартибда хомийлик маблағларини жалб қилади ва ўзи ҳам хомий бўлиб қатнашади (бунда, хомийлик маблағлари тўлиқ хомий томонидан белгилаб берилган мақсадларга сарфланади). 

Жамият шартнома асосида мулкни (бинолар, транспорт воситалар, ускуналар ва бошқалар) ижарага олиши ва ижарага бериши мумкин.

 

 

3.2. Жамият қуйидаги мажбуриятларга эга:

- амалдаги қонун ҳужжатлари ва ўз уставига риоя этиш ҳамда ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

- нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказувчи органга  режалаштирилган тидбирларини олдиндан хабар қилиш ўзи ўтказаётган тадбирларга ва фаолият билан танишиш учун эркин кириш имконини бериш;

- ўз фаолиятининг натижалари ҳисоботини юритиш;

- рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;

- шуғулланиш учун махсус рухсатнома талаб этиладиган фаолият турлари билан фақатгина тегишли лицензия асосида амалга ошириш;

- хомийлик маблағлари жалб қилинганда, хомийга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этиш.

3.3. Жамият қонун хужжатларига мувофиқ ва мазкур уставда белгилаган мақсадлардан келиб чиқиб, бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши мумкин.

 

 

IV. ЖАМИЯТ АЪЗОЛАРИ,

УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

4.1. Жамиятга аъзо бўлиш 18 ёшга тўлган фуқаролар ва юридик шахсларнинг меҳнат жамоа аъзолари жамият раҳбари ёки бўлинмалар раҳбарлари номига ёзган ариза орқали бошқарув органи қарори билан амалга оширилади.

Жамиятга мазкур уставни тан олган ва ҳурмат қилган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар аъзо бўладилар ва барча аъзоларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тенг равишда ҳимоя қилинади.

Жамият аъзоси мазкур уставда белгиланган мажбуриятларни бажармаганда жамият бошқаруви қарори билан аъзоликдан чиқарилади.

4.2. Якка тартибда жамият аъзоси бўлиб,  радиотехника, электроника ва алоқа соҳасида ижодий фаолият кўрсатаётган ҳамда жамият уставини тан оладиган ҳар бир олим, муҳандис-техник, ходим, мутахассис, талаба, ўқувчи бўлиши мумкин. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар ҳам Жамиятга аъзо бўлишлари мумкин.

4.3. Акциядорлик компаниялари, қўшма корхоналар, ташкилотлар ва уларнинг структура бўлинмалари илмий-тадқиқот лойиҳа ва конструкторлик ташкилотлари, ўқув юртларининг жамоалари жамиятга жамоа аъзоси бўлишлари мумкин.

 

4.4 Жамият аъзоларининг ҳуқуқлари:

- ўз хоҳишига кўра жамият аъзолигидан чиқиш;

- жамият фаолияти бўйича маълумот олиш;

- жамиятнинг раҳбар органлари аъзолигига сайланиш ва номзодларни сайлаш;

- жамиятнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф-мулоҳазалари билан жамиятнинг раҳбар органларига мурожаат қилиш;

- қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

 

4.5. Жамият аъзоларининг мажбуриятлари:

- таъсис ҳужжатларида ва раҳбар орган қарорларида белгиланган талабларга амал қилиш ва мажбуриятларни бажариш;

- жамият фаолиятини олиб боришга ҳар томонлама кўмаклашиш;

- жамият томонидан ўтказиладиган кўргазмалар, турли тадбирларда фаол иштирок этиш;

- аъзолик бадалини ўз вақтида тўлаб бориш.

 

 

V. ЖАМИЯТНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

 

5.1. Жамиятнинг раҳбар органлари қуйидагилардан иборат:

Конференция;

Бошқарув.

Назорат-тафтиш комиссияси жамият фаолиятини назорат қилувчи орган ҳисобланади.

 

5.2. Конференция – Жамиятнинг олий рахбар органи ҳисобланиб, унинг йиғилишлари заруратга қараб, камида беш йилда  бир марта чақирилади. Конференция, бошқарув, тафтиш комиссия ҳамда аъзоларининг 2/3 қисми талаби билан чақирилади.

Конференцияда делегатларнинг ярмидан кўпи иштирок этганида ваколатли бўлади ва йиғилиш қарори кўпчиликнинг ёқлаб овоз бериш йўли билан қабул қилинган ҳисобланади. Делегатларни сайлаш тартиби ва вакиллик нормаси Бошқарув томонидан белгиланади.

5.3. Конференция ваколатларига қуйидаги масалалар киради:

- Жамиятни қайта ташкил этиш ва тугатиш;

- Жамият уставига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш;

- Жамият фаолиятини Назорат-тафтиш комиссияси томонидан текшириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

- Бошқарув ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини 5 йил муддатга сайлаш ҳамда уларнинг ҳисоботларини тинглаш ва тасдиқлаш;

- Жамият мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб фаолият йўналишларини белгилаш;

- конференция Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва мазкур уставга зид бўлмаган бошқа масалаларни ҳам ҳал қилиши мумкин.

5.4. Конференциянинг ваколатига кирувчи масалалар Жамиятнинг бошқа органига ўтказилиши ёки берилиши мумкин эмас.

5.5. Бошқарув – Жамиятнинг рахбар органи ҳисобланиб, у бир йилда камида бир маротаба ўтказилади. Жамият Бошқаруви аъзоларининг сони жамият конференцияси қарори билан белгиланади.

5.6. Бошқарув қуйидаги ваколатларга эга:

- ўз аъзолари ичидан 5 йил муддатга раҳбарини сайлаб олади, у бир вақтнинг ўзида Жамиятнинг раиси ҳам ҳисобланади;

- Жамият уставидаги мақсад ва вазифаларини ижросини таъминлаш учун пул маблағларини йўналтириш ва мақсадли сарфланиши устидан  назоратни амалга ошириш, мол-мулкини тасарруф қилиш;

- Жамият бюджети ва штат жадвалини ҳамда йиллик режаларини тасдиқлаш;

- аъзоликка қабул қилиш, аъзоликдан чиқариш бўйича қарор қабул қилади;

- кириш ва аъзолик бадаллари миқдорини белгилайди;

- Жамият фаолиятини навбатдан ташқари текшириш учун Назорат-тафтиш ва аудиторлик ташкилотини жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳамда унинг натижасини муҳокама қилиш;

- ҳудудий бўлинмаларни ва тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш, уларнинг таъсис хужжатларини тасдиқлаш ва уларнинг раҳбарларини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

- бўлинмалар бюджетини ҳамда ишларнинг тематик режасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди, уларнинг бажарилишини тинглайди;

- олий ва ўрта ўқув юртлари талабаларига, ўқувчиларига стипендиялар таъсис этади;

 

5.7. Жамиятнинг назорат-тафтиш комиссияси:

Жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти, маблағларни мақсадли сарфланиши устидан назоратни Конференция томонидан раиси ва иккита аъзодан иборат 5 йил муддатга сайланган назорат-тафтиш комиссияси амалга оширади.

Комиссия раиси ва аъзолари Жамиятнинг бошқа фаолиятларида қатнашишлари, бошқарув ва раҳбар органлари таркибига киришлари мумкин эмас.

Назорат-тафтиш комиссиясининг режа асосида бир йилда камида бир марта, шунингдек Конференция ёки Бошқарув қарорлари асосида режадан ташқари тафтиш қилади.

Назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолиятини амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мазкур устав асосида амалга оширади.

Назорат-тафтиш комиссияси фаолияти юзасидан ҳисоботлар Конференцияда кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

5.8. Жамият раиси бошқарув томонидан 5 йил муддатга сайланади ва лавозимидан озод этилади.

5.9. Бошқарув раиси – бир вақтнинг ўзида Жамият раиси ҳисобланади.

Бошқарув раисининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

 - Жамият раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини таъминлаш;

- Жамиятнинг фаолиятига берилган ваколати доирасида раҳбарлик қилиш ва Жамият номидан ишочномасиз фаолият юритиш;

- Жамият маблағлари ва мулкини белгиланган тартибда бошқариш;

- турли битим, шартнома ва молиявий ҳужжатларни имзолаш, ишонч қоғозларини бериш;

- Жамият қошидаги тадбиркорлик субъектлари ва жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини тайинлаш ва вазифасидан озод қилиш бўйича жамият бошқарувига таклиф киритиш;

- Жамият номидан буйруқ, йўриқнома ва бошқа ҳужжатларини имзолаш;

- штат жадвали, иш режасини ишлаб чиқиб, Бошқарув тасдиғига киритиш;

- меҳнатга оид қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни ишга қабул қилиш ва лавозимидан озод этиш;

- ходимлар ўртасида хизмат вазифаларини тақсимлаш, уларнинг ваколатларини белгилаш;

- ходимларнинг иш тартиби ва дам олишини йўлга қўйиш, қонун хужжатларига мувофиқ уларни ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини кўриш;

- Жамият мажлисларида раҳбарлик қилиш;

- Жамият фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқиш ва Бошқарув муҳокамасига тақдим этиш;

- конференция ва бошқарув қарорлари ижросини назорат қилиш ва бажарилишини таъминлаш;

- Жамият Бошқаруви раиси зарурат юзасидан мазкур Уставда белгиланган ўзининг барча ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнатилган  тартибда Жамият Бошқаруви раиси ўринбосари зиммасига тўлиқ юклашга ҳақли.

 

 

VI. ЖАМИЯТНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ

 

6.1. Жамият, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тузилмалари уставда кўрсатилган фаолиятларини амалга ошириш натижасида орттирилган кўчар ёки кўчмас мулклар ва бошқа моддий қийматликларга эга бўлиши мумкин.

6.2. Жамият маблағларининг (пул, мулк ва бошқа шаклда) шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

- кириш ва аъзолик бадаллари;

- ташкилотларнинг ва алоҳида фуқароларнинг ихтиёрий равишда берган ҳомийлик маблағлари ва мулклари;

- уставга асосан семинарлар, маърузалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказишдан тушган маблағлар;

- Жамият таркибида тузилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятларидан тушадиган даромадлари;

- қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

6.3. Жамият тасарруфида бўлган мол-мулкдан ўз фаолият мақсадларини амалга ошириш учун эгалик қилади. Мулк ва маблағлар Жамият мулки ҳисобланиб, қонун томонидан муҳофаза қилинади.

6.4. Жамият молиявий  фаолиятини мустақил равишда ёки шартнома асосида марказлаштирилган бухгалтериялар орқали олиб бориши мумкин.

6.5. Жамият ўзининг Уставида кўрсатилган мақсадларига эришиш учун, ўз жамғармасини тузиш мумкин.

6.6. Жамиятнинг маблағи ва мулки шу жамият Бошқарув қарорига биноан сарфланади.

 

 

VII. ЖАМИЯТНИНГ ҲУДУДИЙ БЎЛИНМАЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКНИ БОШҚАРИШ БОРАСИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ

 

7.1. Жамият Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)ларда ўзининг бўлинмаларини очиш мумкин. Жамият бўлинмалари ҳудудий адлия органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг юридик шахс мақомига эга бўлади. Жамиятнинг юридик шахс бўлмаган бўлинмалари ҳудудий адлия органларида ҳисобга олинади. Жамият бўлинмалари мазкур устав ҳамда Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги Низом асосида фаолият олиб боради.

7.2. Жамият таркибий бўлинмаларини тузиш, ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари уларнинг Низомларида белгиланади.

 

 

VIII. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ

 

8.1. Жамият ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

 

 

 

IX. ЖАМИЯТ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

9.1. Жамият уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда иштирок этаётган делегатларнинг 51% овози билан Конференция қарори асосида амалга оширилади. Конференция қарори делегатларнинг 2/3 қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

9.2. Жамият уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар жамият Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта рўйхатга олингандан сўнг юридик кучга эга бўлади.

 

 

 

X. ЖАМИЯТНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ, ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИБ ҚЎЙИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

 

10.1. Жамиятни қайта ташкил этиш Конференция ёки суд қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Жамиятни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

10.2.  Жамият фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

10.3. Жамиятни тугатиш иштирок этаётган делегатларнинг камида 51% овози билан Конференция қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

10.4. Жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

10.5. Жамиятни тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

10.6. Жамият тугатилганда кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек, раҳбар органларнинг аъзолари ёки Жамият ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ушбу мол – мулк Жамиятнинг устав мақсадларини амалга оширилишига йўналтирилади ёки қонун хужжатларида белгиланган тартибда сарифланади.

 

 

Ўзбекистон радиотехника, электроника

ва алоқа илмий-техника жамияти раиси                       Х.Мирзахидов